Жамоат билан намоз ўқишнинг фазилати

Аллоҳ таоло айтади:

“Албатта, имон келтирган, яхши ишларни қилган, намозни баркамол ўқиб, закотни берганлар учун Парвардигорларининг ҳузурида (махсус) мукофотлари бордир. Уларга ҳавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар.” (Бақара сураси 277-оят).

Ривоят қилинади: “Қиёмат куни Аллоҳ юзлари порлоқ юлдуз каби бўлган бир қавмни тирилтиради. Малоикалар улардан: “Нима амал қилгансизлар?” деб сўрайдилар. Улар: “Биз азонни эшитган вақтимизда ҳамма ишни ташлаб, таҳорат олгани турардик”, дейишади. У кунда яна юзлари ой каби порлаган бир қавмни тирилтирилади: Улардан ҳам фаришталар сизлар нима амал қилгансизлар? деб сўрайдилар. Биз азон айтилмасдан олдин таҳорат олардик, дейдилар. Ва яна бир қавм турғизиладики уларнинг юзлари нур сочиб турган порлоқ қуёш каби бўлур, улардан ҳам бунинг боиси не деб сўралгайдир. Шунда улар: биз ҳар доим азонни масжидда эшитар эдик дерлар.

Пайғамбаримиз (с.а.в) дан ривоят қилинади: “Банда намозга такбир айтиб кирган вақтда, Аллоҳ таоло фаришталарига: “Унинг гарданидан (бўйнидан) гуноҳларини кўтаринглар, токи у бандам менга пок ҳолида ибодат қилсин”, дейди. Намоздан кейин фаришталар: “Унинг гуноҳларини қайтариб қўяйликми?!” деб сўрашади. Аллоҳ таоло дейди: “Эй малоикаларим! (Бу иш) Менинг карамимга, улуғлигимга лойиқ иш эмас. Мен афв этдим, бу бандамнинг гуноҳларини кечдим” дер экан.

Ҳа азиз биродарлар инсон, банда Роббиси буюрган бир маҳал намозни ўқиганда унинг шу кунги билиб-билмай қилган гуноҳларини Аллоҳ таоло мағфират қилса гуноҳини ўчириб қўйса, энди қаранг бир кунда беш маҳал намоз ўқиган банданинг куни билан қилган сағира (кичик) гуноҳлари ўчирилса, ҳар ҳафтада бир кун яъни жума намозини адо қилса у банданинг бир ҳафтада билиб-билмай қилган сағира гуноҳлари кечирилса, йилда бир марта ҳайт намозини ўқиса, у ҳайтдан бу ҳайтгача қилган сағира гуноҳлари кечирилса умуман намозларини ўз вақтида ўқигувчи намозхон кишида гуноҳ қоладими?

Юқорида келтирган ояти каримада ҳам “уларга ҳавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” дар ҳақиқат банда қиёмат қоим бўлганда қайта ўрнидан турғизилганда ўзи билан ўзи овворо ҳар тарафга югуриб ҳар жойдан нажот излаб хавотирда қолади, шунда у банданинг бу дунёда қилган ибодатлари бошига соябон бўлади инша Аллоҳ.

Намоз амалидан кўзда тутилган мақсад, намозларни ўз вақтида ўқимаса, зое кетгазувчилар қаторига киради. Пайғамбаримиз (с.а.в) айтганлар: Исро кечасида мен бир неча эркагу аёлларнинг бошларига гурзи билан урилаётганини ва уларнинг димоғларидан қон катта анҳор бўлиб оқаётганини кўрдим. Шунда мен: “Эй Жаброил! (алайҳиссалом) Булар кимлар?” деб сўраганимда, Жаброил (алайҳиссалом): Улар намозларини вақтида ўқимаганлар”, деб жавоб берди”, дедилар.

Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қиладилар: “Ким беш вақт намозни вақтида чиройли адо қилиб, муҳофаза этиб борса, шу намозлар Қиёматда унинг учун нур, ҳужжат ва нажот бўлади. Ким бунинг аксини қилса, Қиёмат куни унинг нури, ҳужжати, нажоти бўлмайди.

Мамбетов Давронбек, Элликқалъа тумани “САФО” жоме масжиди имом-хатиби.

  • 101 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты