Фото

Шаввол ойининг рўзаси

11 Апрель, 2024 352

Аллоҳ таолога Ўзиниг улуғлиги қадар ҳамду санолар ва Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд ва салавоту саломларимиз бўлсин.

Шаввол ойида олти кун рўза тутиш суннат бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар:

“Кимки Рамазон рўзасини тутса сўнг унга Шавволдан олти кун (нафл) қўшса, худди бир йиллик рўза тутган каби бўлади”, (Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадис мазмуни мутлақ келгани учун бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайити эртасига бошласа ҳам бўлади, ёки бир неча кун ўтказиб кейин тутса ҳам бўлади. Шаввол ойида олти кун рўза тутса бўлди.

Баъзи уламолар савобли ишларни қилишга шошилиш лозимлиги, мусобақа қилиш афзаллигини инобатга олиб, ҳайит кунининг эртасига Шавволнинг рўзасини тутишни бошлаш керак, деб ҳисоблайдилар.

Баъзи уламолар эса, (бу уламолар орасида Имом Абу Юсуф ва Имом Молик ҳам бор) одамларнинг бу ҳам Рамазон рўзаси таркибига киради ёки тутмаса бўлмас экан, деган фосид хаёлларга бормасликлари, ва асосийси, насронийлар каби фарз рўзаларга ўз ихтиёрлари билан рўзалар қўшиб олганларига ўхшамаслик учун ҳайитдан бир неча кун ўтказиб тутишни маъқул кўрадилар ва ҳайит эртасига бошлаб, улаб тутишни кариҳ кўрадилар. Бу “Шарҳи Виқоя”да ҳам ўз ифодасини топган. Шамс ул-аимма ал-Ҳалвоий шунга фатво берган. Демак, эҳтиётан ҳайитдан кейин бир икки кунни ўтказиб Шаввол рўзасини тутишга киришмоқ лозим.

Шаввол ойида рўза тутишга одатланиш вожиб эмас, балки афзал ва маъқул ишдур. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

“Аллоҳга амалларнинг энг севимлиси амал эгаси, гарчи у амал оз бўлса-да, уни доим бажариб юрганидур”.

Шаввол ойида рўза тутиш, шунингдек, Рамазондан бошқа ойларда рўза тутиш нафл ибодат бўлгани учун уни бажармаса, қазо тутиб ўтирмайди. Чунки у ихтиёрий ибодатдир. Ҳоҳласа савоб умидинда тутади, ҳоҳласа тутмайди тутмагани учун ҳеч қандай гунохкор бўлмайди. Шавволда рўза тутмаса бўлмайди, албатта тутиш керак, дейиш, шунингдек, тутмаганларни маломат қилиш, Шаввол рўзасини тутганлик билан фахрланиш ёмон иллат бўлгани учун ҳатто Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ Шавволда рўза тутишни кариҳ кўрган эканлар.

(“Мавсуъат ул-фиқҳиййа”).

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ибодатида доим қоим бўлишлигимизни насиб-у рўз қилсин. Тутган рўзаларимизни, қилган ибодатларимизни нуқсон ва камчиликларини афв этган ҳолда қабул қилган бўлсин ва ушбу ибодатларимизни қабрда қалқон охиратда соябон қилсин.

Мамбетов Давронбек, Тўрткўл тумани “Ғойиб ота” жоме масжиди имом-хатиби.

Тэглер